17.08.2010 йил
Йил давомида меҳнат қилиб, чарчоқни ёзиш учун ёздан яхшироқ вақт борми? Меҳнат таътилига чиқиш учун-чи?.. Тўғри, баъзилар қишнинг қаҳратон кунларида меҳнат таътили олишни яхши кўришади. Аммо, бизнинг бошловчилар эмас.
Кўпчиликка яхши маълум: дунё бўйича "масс-медиа" (ўзбекча айтадиган бўлсак - ОАВ) ёз ойларида одатдагидан бироз “жонсизроқ” фаолият олиб боради (Иссиқ таъсир қилса керак). Бу паллада ҳеч қандай янги дастурлар режалаштирилмайди, премьералар бўлмайди ва ҳеч қанақанги лойиҳаларга “старт” берилмайди. Сабаби, жуда оддий – ёзги мавсумда телевизор камроқ кўрилади, радио камроқ тингланади, газеталар эса деярли ўқилмайди – ҳаёт шундоқ ҳам ажойиботларга тўла! Бундай иссиқда фақат бир нарсани хаёл қилиш мумкин – у ҳам бўлса, соҳил бўйида, соя-салқин жойларда дам олиб, бир дамга бўлса-да, турмуш ташвишларини унутиш...
Албатта, бундай орзу-истаклар радиомиз ходимларининг ҳам тинчини бузмай қолмади (улар ҳам инсон ахир!) ва кунлар қизий бошлагани сайин, директор хонаси олдида меҳнат таътилига рухсат олиш илинжида бўлган бошловчилардан иборат турнақатор навбатлар юзага келди. Албатта, бу навбатларнинг яна бошқа сабаби ҳам бор. Авваллари икки ҳафтага олинадиган рухсат муддати бугунги кунга келиб, бир-бир ярим ойга чўзилган; бунга бир тарафдан радио-бошловчиларимизнинг оилали эканликлари ва ҳордиқ масаласига бир қадар кўпроқ масъулият билан қараётганликлари бўлса, иккинчи тарафдан давраларнинг қизиғи, эл-юртнинг яхши кунлари, тўю ҳашамларида хизмат қиладиган ҳамкасбларимизнинг халқ орасидаги “ижодий мавсуми” бошлангани ҳамдир.
Шундай қилиб, биринчилардан бўлиб, мухлислар ардоғидаги бошловчимиз Дилором Отахонова меҳнат таътилига чиқдилар. Ишда доимо биринчи бўлган, дам олишга келганда ҳам биринчи бўлсалар нима қипти? У кишидан сўнг, шунингдек “ORIAT Dono”нинг забардаст бошловчилари Баҳодир Маъдиев ва Акмал Мирзо ҳам навбатда туришибди.
Аммо хотиржам бўлинг, бу “танаффус” узоққа чўзилмайди... Кўз очиб-юмгунча қарабсизки, хушчақчақ ва ҳозиржавоб бошловчиларимиз ишга қайтиб, ўз овозлари ва дастурлари билан мухлисларни яна хушнуд эта бошлайдилар. Бундай ҳордиқдан кейин уларнинг янгидан-янги ғоялар ва лойиҳалар билан қайтишларига ишонаверинг!
|